ЖАҲОНГИР МАМАТОВ

 

 

 

 

КАРИМОВНИНГ

КАШФИЁТЛАРИ

 

 

 

 

 

Вашингтон-2005-2007

 

 

 

 

 

 

 

 

1.”МАЧЧОЙИ”ЛАР

 

Тожикистонда бир гуруҳ Ўзбек мардикорлари қўлга олиниб, ғайриқоний муҳожирлар сифатида Ўзбекистонга депортатсия қилинди.( Хабарлар оқимидан).

Болалигимда “маччойи” деган сўзни кўп эшитардим.

“Маччойи келибди, ўтин ёрмоқда!”

“Маччойи келибди, ҳожатхона учун чуқур қазимоқда!”

“Маччойи келибди, ғишт тўкмоқда!”

Мардикорни “маччойи” деганларига эътибор қилмасдим. Чунки у пайтда мардикор деганини ҳам унчалик тушунмас эдим-да. Раҳматли бувим жуда раҳмдил аёл эдилар. Бир бурда нон қолса ҳам буни “маччойига берамиз” деб олиб қўярдилар. Эски кийимлар, ишлатилган идиш товоқларни ҳам маччойи олиб, бошини эгиб, раҳмат айтиб кетарди.

-Бечораларнинг иши йўқ, йўлига қараган қанча бола-чақаси бор, ўйинг куйгур Москоп шуларга ҳам иш берса бўлади-ку! Биз тутган пиллани улар тута олмайдиларми?!- деб бувим ачинар эдилар.

Шундан менинг кўз олдимда маччойи дегани ўта ғариб, бир бурда қотган нонга ҳам зор одам бўлиб қолган.

Кейинчалик билдим-ки, асосан Тожикистоннинг Масчоҳ ва Панжакент минтақаларидан келган кишилар Самарқандда мардикорлик қилишар экан. Шундан мардикор калимаси “маччойи”га айланган экан.

Мана энди Каримов ўзбекларни “маччойи”га айлантирди.

 

2. “УЗБЕКИ”

 

Ўзбеклар Москвaда ва Исроилда ҳожатхонларни тозалашмоқда ва бундан хурсанд.(Хабарлар оқимидан).

Болалигимда ҳамма жойда оёқ кийимларини тозаловчиларни “жугутлар” дейишарди ва ҳожатхонларни тозаловчиларни “иван”лар. Болалар ҳатто ўзаро жанжаллашиб қолганда бир-бирини камситиш учун “жугут” ёки “иван” деб сўкишарди.

Кейин билсам, оёқ кийимларини тозалаш билан асосан яҳудийлар шуғулланишар ва қолган барча “ифлос” ишларни “иванлар” бажаришар ҳамда эвазига бир шиша арақни олиб, хурсанд бўлишар экан.

“Бечора жугутлага қийин, ватанларидан айрилиб беватан қолишган, ҳар қандай қора ишни индамай бажаришади” дейишарди ачиниш билан яҳудийлар ҳақида.

“Иваннинг бола чақаси урисиятда қолган. Ўзи бу ерларда сарсон-саргардон. Аламини арақдан олади, кун бўйи ишлаб, бир шиша араққа қуллуқ қилади. Шўринг қурсин, урусвой” деганларини эшитганман.

Мана энди шу гапни ўзбеклар ҳақида руслар ва яҳудийлар айтишмоқда. Энди ачиниш навбати уларда. Энди уларнинг жаргонида  “узбеки” деган гап пайдо бўлди.

Ана шу “узбеки”нинг биридан сўрашибди:

-Шу ифлос ишни қилар экансиз, бундай иш Ўзбекистонда ҳам тўлиб ётибди-ку?

Жавоб эса қуйидагича бўлибди.

-Ўзбекистонда сизни “ТошМИ” (Тошкент мардикорлар истансаси)дан Каримовнинг кучуклари ушлаб олиб кетади, қамаб қўяди, кейин уйидаги ҳожатхонасини тозалатади, иннанкейин бўйнингизга жаримани илиб, орқангизга тепа-тепа уйингизга жўнатади! Урус улардан минг марта яхши! Жугут эса икки минг марта!

 

3.ҚУЛЛАР

 

“Қозоғистонда ўзбеклар қул қилиб ишлатилмоқда. Уларга паст назар билан қарайдилар ва ҳақларида кўплаб латифалар тўқилган.(Хабарлар оқимидан).

 

Бир куни Рашидов Олмаотага борганда ҳожатхонaда қўлини юваётгaнда ёрдамчисига:

-Эҳтиёт бўлиб тур, бир кор-ҳол юз берса, жуда усталик билан, образли қилиб айтки, бўлмаса кулгига қолишимиз мумкин,- дебди.

Кейин Кунаев Рашидовни бешмармоқ билан зиёфат қилиб, ортидан палов буюрибди. Палов еб турган Рашидовнинг лабида битта гуруч қолганини кўрган ёрдамчиси:

-Хўжайин боққа булбул қўнди,-дебди.

Ҳафтафаҳм Рашидов дарҳол сочиқни олиб, лаб-лунжини артибди.

Кўп ўтмай Тошкентга келган Кунаев ҳожатхонада қўлини ювар экан у ҳам ёрдамчисини огоҳлантириб қўйибди.

Улар ош еб ўтирганларида ҳам Кунаевнинг лабида битта гуруч қолибди, шунда ёрдамчиси:

-Ўдағаси, ўдағаси, туалетта айтғанингиз ўлди!-деган экан “маданиятли” қилиб.

Ман энди ҳатто латифалар ҳам тескари айланди .

“Бир куни Каримов, Назарбоев ва Раҳмонов ўзларини мақташ бўйича пойгага кирибдилар:

-Мен Андижонда революционерларни қириб ташлаб, халқимни демократлар келишидан қутқариб қолдим,- дея мақтанибди Каримов.

-Мен Помир тоғидаги музликнинг устига кул сепиб халқимни сув тошқинидан асраб турибман,-дебди Раҳмонов.

-Илгари қозоқлар Келесда, Қўйлиқда мардикор эдилар. Мана энди ҳар бир қозоқнинг уйига биттадан ўзбекни боғлаб қўйдим. Бу билан ҳам халқимга, ҳам Каримовга яхшилик қилаяпман,- дебди Назарбоев.-Кейин Раҳмоновнинг қулоғига пичирлабди:

-Шу кетишда бу тeнтакнинг ўзини ҳам яқин орда эшагимнинг қозиғига боғлайман!

Булар латифалар. Аммо латифа билан ҳақиқатнинг фарқи бўлмаган даврдаги латифалар бу.

Шулардан кейин ҳам Ўзбекнинг Эркин Воҳидов, Абдулла Ориповлари … ва мухолифатга тинмай тош отаётган Чори Латиповлари бор экан, унинг кўргиликлари ҳали бери камаймайдига кўринади.

Ўткинчи мансаб учун,<