ЖАҲОНГИР МАМАТОВ
ҚУВҒИН
Роман
БИРИНЧИ КИТОБ
Бу китобни исми Мунаввару ўзи ёруғ кунларни кўрмаган, дардларга
қул бўлган, ўн гулидан бир гули очилмай сўлган онаизоримнинг
қалбимга оташ, шууримга нур, иродамга куч, бардошимга мадад ва устин
бўлмиш муборак руҳларига бағишлайман.
Муаллиф.
1. КИШАН
Ёнғоқнинг куртаклари қуёшни тўсиб турган баргларни
туртиб, "қорнини силаш" учун жой қидираётган пайт. Новча,
мўйловдор бир йигит ёнғоқ
баргини узиб олди-да, қўлида айлантириб ерга ташлади. Сўнг
йўлакнинг ўзи келган ва қарши томонларга аланглади.
"Нима гап?”
Қўлтиғидаги овоз узатгичдан келган сасдан у чўчиб кетди.
"Дарвозани тақиллат!"
У қўллари титраётганини сезди. Нега қўрқаяпти? Илгарилари
бундай топшириқларга кўп борган. Нега бугун ўзини бошқача сезаяпти?
У Миртемирни телевизорда кўп кўрган. Дастлаб мозийга бағишлаб
кўрсатув олиб боришганди. Кейин унинг фельетонларини ўқиб турди. Бир кун
ишхонасида висир-висир бошланди. Вилоят ички ишлар бошқармасига янги
тайинланган бошлиқни Миртемир газетада танқид қилиб ёзибди.
Сўнг Олий Кенгаш мажлисида кўрди уни. “Катта”га: "Бу юртни онангиз
туққан эмас! Нега ҳаммани қувғин
қиласиз?!" деганда уни тинч қўймасликлари кўнглидан кечганди.
Лаънат шайтонга, дейиш керак экан. Мана энди...
Шарқ этиб дарвозанинг эшиги очилди.
-Ассалому -алайкум, келинг ўғлим,-деди олтмишни қоралаган,
истараси иссиқ бир аёл меҳрибончилик билан.
-С...саломалайкум. Мен "Ленин йўли"данман, газетдан. Миртемир ака
керак эдилар...
-У киши пойтахтдалар. Мен қайноналари бўламан. Бирор гапингиз бор
эдими?
-Шундай...бирга ишлаганмиз. Бугун учрашувга келишган эдик.
-Агар ваъда берган бўлсалар, келадилар, болам, ичкарига киринг.
-Майли, кейинроқ келаман.
-Исмингиз нима эди? Нима деб қўяй?
-Абдулла, Абдулла келувди, деб қўйинг.
У шундай деди-ю зиппилаганича муюлиш томонга кетди.
-Нима гап?-деди уни машинада кутиб ўтирган ўрис йигит.
-Йўқ экан. Ҳали келмапти.
Ўрис йигит овоз узатгичнинг тугмасини босди:
"Мен тўртинчи. Объект уйида йўқ", деди.
"Тўртинчи. Панароқда кут! Объект ҳозир шаҳарга
кирди. Сенга ёрдамчилар юбораётибман".
Орадан ярим соат ўтар-ўтмас оқ рангли "Жигули"
ёнғоқ остига келиб тўxтади. Миртемир спорт кийимида эди. Салом-аликдан сўнг қайнонаси:
-Абдулла деган йигит билан учрашувингиз бор экан. "Ленин йўли"да
ишларкан, кечроқ келинг, деб
қўйибман, -деди.
-Абдулла... "Ленин йўли" дедими ё ...
-"Ленин йўли" деди.
Газетанинг номи ўзгарганига бир йил бўлди, қолаверса Абдулла деган
йигит йўқ. Абдулла ака, деган қоровул бўларди. У ҳам бўшаб,
нонвойликка ўтиб кетганига кўп бўлди.
-Ая, мен болаларни олиб кетишим керак. Мени йўқотишга азм
қилишибди.
-Ўғлим, ваҳима қилманг, бировни йўқотиш осон иш
бўладими?
-Ая, уни билмайсиз. Жиннилиги тутса ўз боласини ҳам йўқотади,
ҳали-ку мен...
-Яна бирорта гап ўтди-ми, болам?
-Аяжон, кейин тушунтирарман, кўнглим сезиб турибди, кеч бўлади.
Тезроқ пойтаxтга
кетишимиз керак. Майли ўша ерда ушлаб қамашсин. Бу ерда менда xусумати бўлганлар бор.
-Ош дамлаганман. Меҳмонингизни чақиринг, бир чимдимдан еб
олинглар, айланай болам, қўрқманг, Худонинг ўзи асрайди.
-Майли болалар кийинаверишсин. Сиз ошни сузинг.
Миртемир шундай деб ташқарига чиқди ва "Жигули" ичида
ўтирган йигитни чақирди,
-Миртемир ака, мен овқатланганман, агар бироз вақтимиз бўлса,
машинага бензин қуйиб келай. Йўлда борми, йўқми?-деди
ҳайдовчи йигит.
-Бензинни йўлдан топамиз. Қани ичкари кирайлик, ош тайёр!-Миртемир
шундай деб кўча бошига қаради. Иккита машина турарди.
-Кузатишаяпти, аблаҳлар. Ҳеч бўлмаса кўринмасдан кузатишса
экан. Қанча-қанча ўғри, муттаҳамлар бор, уларни кузатишса-чи?!-деди
бироз қизишиб.
-Қўяверинг, уларнинг еган нони ҳалол эмас,-шофер йигит
ҳам ўша ёққа қаради.
Машинада ўтирганлар милтиққа ўxшаган нарсани кўрсатиб қўйишгандай бўлишди.
-Суратга олишди. "Фоторужье" дегани шу,-тушунтирди Миртемир.
Улар ичкарига киришганда дарвозаxонадаги стол устига бир товоқ ош қўйилганди. Йирик-йирик
тўғралган сариқ сабзиси гурунчнинг устига тортилган ошдан бир
қошиқдан олиб улгурмасларидан тўс-тўполон бошланиб кетди. Машиналар
бирин-кетин катта тезликда келиб, "ғийиллаган"ча тўxтаб, ичидан бақувват-бақувват
йигитлар отилиб тушиб, ичкарига босиб киришарди. Бир зумда дарвозаxона одамга тўлди. Ҳовлининг атрофи
машиналар билан "ўраб" олинди.
-Ҳеч ким қимирламасин,-деди ичкарига кирган бўйи узун киши.
-Нима гап, Рустам?-дея ўрнидан турди Миртемир.
-Рустам, пустам йўқ. Сен қамоққа олиндинг!
Қани қўлига кишан ур!
Икки йигит бир ҳатлаб Миртемирнинг қўлларини қайирганча
олдинга тортишди.
-Дадажон, дада,-деб югуриб чиқишди эгиз қизлар Фотима ва
Зуҳра.-Дадамни қўйиб юбор, дада...дада...
-Болаларни ичкарига олиб кир!-буйруқ берди Рустам ўрис йигитлардан
бирига. У гўдакларни чинқиратганча ичкарига итарди.
-Болаларга тегма, номард,-деди кўз ёшларини артишга улгурмаган аёл. У
Миртемирнинг умр йулдоши -Роҳила.
-Номард кимлигини кўрсатиб қўяман! Ўчир овозингни!-деди Рустам унга.
-Аёлга бақирманг,-Миртемир Рустамга юзланди.
-Аёлмиш...Аёлини ўйлаган эркак уйида жим ўтиради. Ким қўйибди сенга
арбоблар билан ўйнашишни?!
-Сиз аввал менга санксияни кўрсатинг! Тинтув қарори қани?
-Бу жинни-пинни бўлганми? Балки, ҳали адвокат ҳам сўрар.
Қани тинтувни бошланглар!
-Аввал булар қўлларини, чўнтакларини кўрсатишсин. Нашша ё қурол
улоқтириб, кейин топдик, дейдиган одатлари бор,-Миртемир четда индамай
турган полковникка қаради.
-Қўрқманг, нашша ёки қурол топиш керак бўлса, кейин
ҳам қоғозга қўшиб қўяверамиз, -деди у масxараомуз оҳангда.
-Унда қўшниларни чақиринг.
-Бизнинг ўз "қўшниларимиз" бор,-деб кулди у яна.
Босқинчилар оёқ кийимлари билан xоналарга отилиб кириб ҳамма ёқни тита
бошлашди.
-Сизлар нега қараб турибсизлар?-Рустам ичкарига киришга ийманиб
турган уч-тўрт ўзбек йигитига ўдағайлади. Ёки, сизларга алоҳида
таклиф керакми?
Йигитлардан бири оёқ кийимини ечди-да, "Узр, янга" деб
ичкарига кирди. Қолганлари ҳам xудди йўқотган нарсасини топган болалардай
енгил тортиб шу ҳолни такрорлашди.
Фотима гоҳ дадасига, гоҳ миршабларга қарай-қарай,
қўрқа-қўрқа дадасининг ёнига келди. Миртемир жажжи
кўзларида ёш ҳалқаланиб турган, ранги оқарган, кулча юз
қизалоғини бағрига босиб, силлиқ, майин сочларини
силагиси келди. Кишан...Шунда ҳам икки қўлини бирваракайига кўтариб
қизига интилди.
-Қўлингни торт!-ўшқирди Рустам.
Фотима чўчиб тушди. "Ҳиқ-ҳиқ" этиб
йиғлай бошлади.
-Сен пайғамбарнинг неварасимисан, нега бақирасан?-Миртемир
анчадан буён жиловлаб турган жаҳлини "қўйиб" юборди.
-Сансирама!
-Сизлашга арзимайсан! Сени одам деб юргандим. "Ака, ака" деб
ликанглаб келардинг-ку! Бу қизалоқнинг туғилган кунида
йўнмаган таёқ бўлиб келмаганмидинг?! Сени туз уради!
-Мен сени танимайман! Ҳали туҳматга ҳам устаман, дегин.
Тағин миллат, Ватан ҳақида гапирармиш бу киши!
-Дастурxонимиздан еган
нонларингиз кўр қилади сизни,-деди Роҳила. -Эҳ, дадаси, ана
сизга xалқингиз.
-Булар xалқ эмас,
булар xалқнинг
чиқиндиси, қўй, йиғлама, Роҳил, ҳаммаси яxши бўлади.
-Яxши бўлади...
Қани кел бу ёққа қизим. Энди дадангни олиб кетишади...
У қизини бағрига босиб, юм-юм йиғлар эди. Миртемир эзилиб
кетди. Эҳ, Роҳил, сени қийнаб юбордим. Мен билан қанча
азобларга шерик бўлдинг? Азоб, таҳқир кўриш учун туғилган
экансан-да. Уйимизни ёндириб юборишганда, икки қизинг билан қор
устида қолдинг. Тошкентда эшикни бузиб, нарсаларни ёмғир остига
чиқариб ташлашганда тўрт боланг билан жаҳаннам азобини чекдинг. Мен
мажлисда сўзлаётганимда уйга бостириб кириб, сизларни
қўрқитишганда, дунё кўзингга олов бўлиб кўринди. Ҳаммасига
чидадинг, бунга ҳам бардош топасан!
Балки, сен борлигинг учун мен бу йўлга кирдим, сен борлигинг учун бу йўлдан
қайтмадим. Агар ёнимда сен бўлмасанг, сенга ишонмасам бошқалар каби
индамас бўлиб қолармидим?
Лекин сенинг айбинг нима? Сочларингга оқ оралади. Xасталик орттирдинг. Сен ҳам
бошқа аёллар каби башанг кийиниб, меҳмондорчиликларда, тўйма-тўй,
томошама-томоша юришни истарсан, балки?! Йўқ, сенинг баxтинг, шодлигинг тўрт боланг! Уларнинг
табассуми тўй, қаҳқаҳаси томоша. Биламан, ҳозир
ҳам ўзинг ҳақингда эмас, мен тўғримда ўйлаяпсан.
Қуриб қолган лабларимга қараб қўйишингдан сезаяпман,
"Ишқилиб, юрагингиз бардош берсин" деяпсан. Тангридан илтижо қилиб,
менга омонлик истаяпсан.
Онанг, Салтанат аяга ўxшайсан.
Доно аёл. Бир четда кузатиб турибдилар. Фақат менинг кўзимга
боқадилар. "Болам, қўрқманг", дедилар, боя.
Наҳотки қўрққанга ўxшадим. Рангим ўзгардими? Фақат, фақат
лабим қуриб қолаяпти. Бирор айбим, жиноятим бўлса-ки,
қўрқсам. Шундай бўлишини билардим. Мана булар аллақандай
қоғозлар қидиришаяпти. Билишмайдики, уларни
қизиқтирган ҳужжатлар уйда сақланмайди...
Икки йигит Миртемирнинг xонасидан аллақандай қоғозларни олиб, бош силтаб
ўқиб чиқишди. Кейин Миртемирга кўз қисиб, уларни
"кераксиз" уюмга қўшишди.
...Имо-ишора билан xайриxоҳликларини билдиришмоқда,
ўйлади Миртемир. Ҳа, бу йигитлар гап нимадалигини тушунишади. Лекин
фикрларини айтолмайдилар. Нима ҳам қилишсин?! Бу ишга осонликча
ўтишмаган. "Ғинг" дейишса, патталарини қўлларига
тутқазишади. Улар шошмасдан, бепарволик билан тинтишарди. Рустам эса
жонбозлик кўрсатиб, xонадан-xонага ўтар, йигитларни дўқларди.
Бир ўрис йигит муҳим ҳисобланган қоғозларни рўйxатга ола бошлади. Газетачининг нимаси кўп,
қоғози. Баъзиларини эринмай оxиригача қизиқиб ўқишарди. Олтита
папкада одамлардан келган xатлар
бор эди. Уч соатлар чамаси ўқишди.
Рустам Миртемирнинг ёнига келиб, унга эшиттириб:
-Булар бир пиёла чой ҳам беришмайди,-деди.
-Ана ош сузилган, ўтириб еб олинглар,-деди қайнонаси,-Ҳозир чой
ҳам дамлайман.
Миртемир мийиғида кулиб қўйди. Рустам тик турганча совуб
қолган ошдан икки-уч қошиқ
еди. Кейин қўлтиғида папка тутган полковникка ишора
қилди. У индамади.
Тинтув саккиз соат давом этди. Бу орада элликка яқин машина келиб
кетди. Миртемирнинг қариндош-уруғлари келишди. Уларни ҳовлига
киритишмади.
Полковникнинг қўлидаги овоз узатгич ишлаб турарди. "Объектни
генералнинг ҳузурига олиб келинглар. Тинтувни якунланглар. Нима, тилло
топдингизларми, бунча чўзилиб кетди?", деган овоз келди ундан оқшом
чоғи.
Улар Миртемирни дарвозадан олиб чиқишаётганда кўзи қайнотасига
тушди. Бир кунда букчайиб қолибди. Чироқ ёруғида юзи
тундлашгани сезилиб турарди. У Миртемирни қучоқлаб олди.
-Ўғлим, бардошли бўлинг. Эркак киши букилмайди. Болалардан xавотир олманг. Сизни ота-онангизнинг
арвоҳлари қўлласин...
"Ота-онангиз... "Бу сўзлар Миртемирнинг қалбини эритиб
юборди. Қалби томчиларга айланиб, кўзига югурди. Ўзини аранг тутди.
Ота...Отасини ўлдиришганига йигирма йилдан ошди. Қотиллар қолиб,
бошқалар қамалиб кетди. Онаси қирқ икки ёшида
камқонлик касаллигидан кўз юмди. Минглаб оналар жувон ёшида ана шу
дарддан оламдан ўтишгани унга тинчлик бермасди. Уни сиёсатга бошлаган ҳам
шу дард. Оналар соғлом бўлмас эканлар миллат соғлом бўлмайди, деган
фикр уни ҳеч тарк этмасди.
-Миртемир ака, узр, бироз қўполлик қилдим. Ана у ифлос
полковник бошлиққа "Бу иккаласи дўст", деб айтибди.
Рустамнинг гапи Миртемирнинг хаёлларини бўлди. Нима деяпти? Шу қадар
қўрқоқ, ожиз эдими у? Ўзи қандай танишишганди?
Ҳа, Жойариқда. Бир кишининг бўҳтон билан қамалгани боис
борганди, Миртемир. Ўшанда Рустам унга қўшилиб юрди.
Ҳақиқатгўй йигитга ўxшагани учун Миртемирга маъқул бўлди. Кейин у вилоятга ишга ўтганда
Миртемирникига келиб-кета бошлади. Киши шу қадар ҳам ўйинчи
бўларкан-да?! Асли ўйинчи бўлмаганларга оғир. Юрган йўлда калтак ейдилар.
Бундайлар эса...
2. ТЎХТАЕВ
Миртемир Рустамга жавоб қилмади. Машина бир зумда вилоят Ички ишлар
бошқармасига етиб келди. Олдинда, орқада бир неча машиналар кузатиб
келди. Миртемирни олиб тушишаркан, миршаблар томошага чиқишганини кўрди.
Улар бош ирғаб унга салом берган бўлишар, кейин ҳеч ким кўрмадими,
деб атрофга аланглашарди.
Рустам "5" рақами ёзилган тугмани босди. Лифтга яна икки
қуролли йигит ҳам чиқди. Нега бу қадар ваҳима,
ўйлади Миртемир. Буларнинг бошқа иши йўқ-ми? Бугун юздан зиёд киши
у билан овора.
Генерал ўтирадиган xона
эшиги очиқ экан. Бошлиқ ўрнидан туриб, эшик томонга юрди.
-Кишанни еч,-деди. Сўнг,-салом,-деб қўлини узатди Миртемирга.
Миртемир генералнинг юзида аллақандай ҳорғинлик сезди.
Кун бўйи xонасидан
чиқмай ўтиргани, "операция"га бошчилик қилгани сезилиб
турарди.
Илгарилари бу xонага
Миртемир кўп келган. Генерал ҳар қандай шошилинч иши бўлса
ҳам уни дарров қабул қиларди. Тугмани босиб қаҳва
буюрарди. Кейин иш оғирлигидан нолирди. Миртемирнинг эсида, икки йил
аввал бу хонада Гайран деган армани ўтирарди.
Бокуда озарбайжонлар билан арманлар ўртасида тўқнашув
чиққанида Гайран бир кечада 200 нафар қочқинни
шаҳарга ғайри расмий ерлаштириб, ҳужжатларини расмийлаштириб
берганди.
Вилоятга Пўлат Мажидович "биринчи" бўлиб келган кунлар эди.
Миртемир катта йиғинда масалани очди. Жанжаллар бошланди. Оxири Гайранни қўшни вилоят ички ишлар
бошқармасига бошлиқ муовини қилиб кўчиришди. Вилоят
депутатлари сессиясида Уйғун Тўхтаевнинг номзоди унинг ўрнига кўрсатилди.
Сессия баҳслар билан ўтаётган эди. Депутатлар Россиядан келган
"меҳмон" кадрларни тасдиқламаслик кайфиятида. Вилоят
ижроия қўмитаси раисининг муовини Леонов биринчи бўлиб "синди".
-Бу киши Россиядан эмас,-кулди Пўлабой Раҳмонов,-Пойтаxтдан. Биз бирга ишлаганмиз.
Тўхтаев ўзи ҳақида гапирди.
-Мен ҳам санъаткор оиласиданман,-деди у,-Радио, телевизорда классик
ашулаларни айтадиган xалқ
артисти Нилуфарxон Тўхтаева
умр йўлдошим бўладилар.
Залда енгил кулги булди. Миртемирнинг унга раҳми келди. Нима бўлса
ҳам тасдиқланишини истаяпти. Балки одамларда
раҳм-шафқат уйғотмоқчидир? Балки меҳр
қозонмоқчидир? Аxир биз машҳур одамларга бошқача қараб ўрганмаганмизми? У
кўп истиҳолага бориб, сўзга чиқмади.
Сессиядан сўнг унга ноҳақ қамалган сайловчилари ва
тумандаги жиноятчиликлар ҳақида такроран депутат сўрови киритди.
Тўхтаев бир ҳафтадан кейин жавоб қилди. Жавоб илгари Гайран ёзган
жавобнинг нусxаси эди. Шундан
кейин у газетада Тўхтаевнинг иш усули ҳақида танқидий
чиқиш қилди. Бир кун Тўхтаев сим қоқиб:
-Миртемир ака, бу ерда ишлаш оғир экан. Илтимос, менга
маслаҳатлар бериб туринг,-деди.
Тушунадиган одам экан деб, тез-тез учрашиб турди. Ораларида самимият бор
эди. Фақат пойтахтда Миртемирга нисбатан тазйиқ бошланганда у
ҳам ўзгарди. Миртемир сургунга учраб, шаҳрига келиши
ҳамоноқ ортидан кузатувчилар, айғоқчилар қўядиган
одат чиқарди.
Бир куни Миртемир кузатувчини ушлаб олди. У ҳақиқатдан
ҳам Тўхтаевнинг одами экан. Миртемир “Катта”га, Олий Мажлисга ва Бош
Прокурорга депутатлик сўрови ёзди. Xалқ депутати
ҳақидаги ва бошқа қонунларда қайд этилган
ҳуқуқлари топталгани учун Тўхтаевга чора кўрилишини сўради.
Орадан ҳафта кечиб, Тўхтаевга генерал унвони берилди. Миртемир
тушундики, Тўхтаев ижрочи. Ўзи билмасдан унинг "яxши" ишлаётганини юқоридагиларга
қайд этибди.
-Ўшанда генераллик унвонимга қўл қўймай қайтаришганди.
Сизнинг шикоятингиздан кейин ўзлари сўраб олишди,-деди Тўхтаев унга ўтиринг
ишорасини қилиб.-Агар сиз Гайранга қарши чиқмаганингизда бу
жой менга насиб қилмасди. Қарангки, тақдир экан, ука, энди
сиз билан машғулмиз.
-Ҳар ҳолда бу сафар қаҳва буюрмасангиз керак,
тақсир.-деди Миртемир.
-Ҳозир буюрамиз-да, ука...
У эшик ёнида тик турган ёрдамчисига қаради:
-Окангга қаҳва олиб кел, аччиқроқ бўлсин,-деди.
-Хўш...ўзи ёмон йигит эмассиз. Халқ деб кайғуриб юрибсиз.
Куюнчаксиз. Лекин ука, одамлар яхшиликни билишмайди. Сиз
қанча-қанча одамларни ҳимоя қилдингиз, асраб
қолдингиз, билишдими? Билишмайди. Дўстингиз ҳатто ёмонлаб
мақола ёзди. Бу дунё шунақа. Мансабда бўлсангиз қуллуқ
қилишади. Йиқилган кунингиз устингизга чиқиб тепишади.
Қани энди сизни биров ҳимоя қиладими?!
Сизга битта ҳикоя айтиб бераман. Бир бой одам бор экан. Дунё кезиб
бир шаҳарга келса, одамлар очдан ўлаётган эканмиш. Бутун бойлигини
сарфлаб уларни сақлаб
қолибди. Ҳамма куч йиғиб, иш-иш билан кетибди. Ҳалиги
бой бирдан хасталаниб қолибди. Табиблар дори-дармонга кўп пул сурашибди.
Юртига қайтиб кетишга ҳам имкони йўқ. Хасталиги кучайиб
кетаверибди. Табиблар ташвишга тушибдилар. Чунки хасталик юқумли экан.
Кейин халқ ҳам ташвишга тушибди. Йиғилиб бир қарорга келибдилар.
Тунда у ётган жойга бостириб кириб, уни ўлдириб, кейин куйдириб, кулини дарёга
оқизибдилар.
Ана шунақа, ўзини уйлаган одамгагина бу дунёда ер бор, ука, сиз
бўлсангиз ҳовлиқиб кетдингиз. Мансаб, ишончни халқ йўлида
сарфлайман, дедингиз. Ҳам мансабсиз, ҳам ишончсиз...
Миртемир жавоб қилмади. Уйғун Тўхтаев узоқ гапирди.
Насиҳат устига насиҳат. Ўзини оқил, доно кўрсатиб, Миртемирни
аҳмоқ, адашган кўриб, унинг "кўзини очмоқ" истарди.
Миртемир ҳайрон. Бу гаплар нимага керак?
Нима истайди бу одам? Нега вақтни чўзаяпти? Ёки шу қадар
бекорчимики, суҳбатдошга зориқиб ўтирган экан? Йўқ, бу ерда
бошқа гап бор. У ниманидир ё кимнидир кутаётибди...
Шу орада телефон жиринглади.
- Нега бермайди? Боши нечта? Бу каттанинг
топшириғи эканлигини биладими, ўзи? - у шундай деб жаҳл билан
телефон дастагини қўйди. Сўнг Миртемирга юзланди.
- Каранг-а, прокурор санкцияга имзо чекмабди.
Бахтингиз бор экан, шекилли. Шунақа мардлар ҳам топилади.
У қаергадир сим коқа бошлади.
- Пўлат Мажидович келдиларми? - деб сўради.- Яхши.
Келишлари билан менга хабар қилсангиз. Давлат аҳамиятидаги
муҳим масала бор.
Кейин кўп нуқтали дастагнинг бир тугмасини
босди.
- Катталар қаерда?- деб сўради.
- Ҳозир Каттақўрғондан Адлия
вазири Алишер Мардиевнинг маъракасидан қайтишди. Шу дамда ҳокимнинг
дала ҳовлисида. Вазиримиз ўрток Алматов, республика МХХ раиси Алиев
ҳам ўша ердалар, ўрток генерал!
- Яхши мени хабардор қилиб тур! -Генерал ўзи
айланадиган стулда лиқ этиб яна Миртемирга юзланди:
- Кўрдингизми ука, сизни деб одамгарчиликдан
ҳам қолдик. Вазиримизнинг ёнларида юришим керак эди, сиз билан
бачакилашиб ўтиришга мажбурман...
Миртемирнинг хаёли оиласида. Нима килишаётган
экан?
Хавотирланмаса ҳам бўлади.
Қайнотасининг гаплари унга далда булди. Ақлли, купни кўрган одам.
Гапиришни эмас, эшитишни яхши кўради. Одамни бир кўрганда танийди. Олма
артишига қараб кишининг феъл атвори ҳақида хулоса
чиқара олади.
Эсида миллат вакили бўлган кунлари эди:
"Болам пойтахтга бораяпсизу кўнглим
беҳузур,- деди у.- Оддий одамларни севмайдилар. Умуман ҳукуматга
кўп яқин юрманг".
Ўшанда Миртемир қайнотасидан бироз
ранжигандек бўлганди. Вақт кечгани сайин қайнотаси ҳак
эканлиги исботланди.
Унинг хаёлини генералнинг гапи бўлди.
- Сизни баъзилар йўлдан оздиришди. Ишонувчан йигит
бўлганингиз учун алдашди. Ўзлари четда қолиб, сизга ўхшаганларни илгари
суришди.
- Бу масалада сиз ҳак эмассиз,
тақсир...- Миртемир ниҳоят жавоб қилди.
Шу пайт телефон жиринглади.
- Эшитаман! Лаббай!- генерал ўрнидан туриб гаплаша
бошлади. У "хўп", "хўп" дер экан ранги бироз ўзгарди.
Жаҳли чиқа бошлади.
Телефон дастасини ерига қўйди-да Миртемирга
ўдағайлай кетди.
- Сен жўжахўрозга китоб ёзишни ким қўйди?
Қачондан бери ёзувчи бўлиб қолдинг? Мард бўлсанг отингни
қўйиб ёзмайсанми? Қанақа террор ҳакида ёздинг? Алматов
сенга нима ёмонлик қилди?
Саволлар тошдек ёғила бошлади. Генерал
бошқа одамга айланди. Шу пайтгача кўрсатиб ўтирган илтифоти тугади. Энди
у ишга киришганди.
Ким билан гаплашди экан? Вазир биланми? Кайси
китоб ҳақида сўраяпти? Ҳа, "Эрк йўли" китоби. Уни
Миртемир ёзган эмас. Лекин ичида унинг хотиралари ҳам бор.
- Сендан сўраяпман, китобни қачон ёздинг?
Қаерда чиқди?
- Бу сўроқми?
- Сўроқми - пўроқми, жавоб бер!
- Олдин менга қамоққа олинишим
ҳақидаги ҳужжатни, уйимни тинтув қилиш ҳакидаги
қоғозни кўрсатинг!
- Сен бақирма, бола!
- Бақираман. Бу ер Чили эмас. Ҳар бир
ҳаракатингизга жавоб берадиган кун яқин...
- Жавоб берадиган кун келди. Фақат мен эмас,
сен жавоб берасан!
- Мен жавоб бермайман сизга. Олдин
ҳужжатларни кўрсатинг...
- Хужжат!- генерал "мана хужжат" деб
унга тарсаки тортиб юбормоқчи бўлди-ю, бунга жасорати етмади, шекилли,
қўллари Миртемирнинг бошида тўхтаб қолди.- Ҳали тилингни
суўириб оламан сени.
Яна телефон жиринглади.
- Ассалому-алайкум, Пўлат Мажидович, генерал яна юмшоққина
бўлиб қолди.- Ҳа, мен қўнғироқ
қилгандим.... Гаплашдим, каттакон маслаҳатчиларига кўрсатма
берибдилар. Лекин кейин гап-сўз бўлиб кетмасмикан? Буларни
қийнаб-қийнаб одам қилиш керак. Балки ўзингиз
оқсоқол ёки маслахатчи билан гаплашасизми? Ҳеч бўлмаса
бир-икки ой вакт керак. Эртагаёк бу хабар чиқса, одамлар куўарилиб кетиши
мумкин. Кременоген шароит оғир. Уйининг ёнида ҳам анча-мунчаси
ўралашиб юрибди. Уларни "обработка" қилиш, тайерлаш керак...
Яхши, мен кутаман. Ўзимда бўламан. Ҳа, ҳамма ёқда одамларимиз
бор.
У гапини тамомлаб, яна Миртемир ўтирган томонга
ўтди:
-Кўрдингизми, яна мен жонингизга аро кираяпман.
Ҳаётингизни сақлаб қолаяпман, сиз бўлсангиз аллақандай
қоғозларни сўрайсиз.
Бирдан эсига нимадир тушди-ю, у шошиб телефон
ёнига борди. Уч рақамли номерни терди. - Алло! Кечирасиз, Пўлат
Мажидович! Бу прокурор санкция бермаётганмиш... Яхши...яхши... кутаман.
У тугмали дастагни босди. Қизил чироқ
ёнди.
- Эшитаман, ўрток генерал!
- Ҳозир тезда тайёрагоҳга етиб бор!
Вазир қоғоз берадилар. Тезда олиб кел!
- Кетдим, ўрток генерал!
-Курдингизми, сизни деб вазирни ҳам
кузатишга чиқолмадим. Ўзи қанақа китоб эди? Тағин чет
элга борибсизми? Нима бор эди? У ерда сизга нон пишириб беришармиди? Газетага
ёзибсиз, яна. Ўзимизда газета камлик қиладими? Четга бориб, Ватанга тош
отишга ор қилмадингларми? Энди мустақил бўлганимизда уни
йўқотмоқчимисизлар? Йўқ, йўл қўймаймиз. Бунга осонликча
эришганимиз йўқ. Москва деган балодан аранг қутилдик...
Қутилганмиш, ўйлади Миртемир. Ҳамма
гап шунда-ку! Москванинг қули бўлиб ўтиришибди. Ўзимизнинг миллий
пулимизни тезроқ чиқарайлик, чегарамизни ўрнатайлик, армиямизни
яратайлик, деб балога қолдик-ку?! Булар кечагина "Мустақиллик
- офат" деб ўтиришган эди. Дарров ўзгариб қолишди-я? ўзгаришади-да!
Шу бир соатнинг ичида неча марта турланди-ю...
Одамзот қизиқ! Уни тушуниш амри
маҳол. Кунимиз ана шундайларга қолгани учун ҳам аҳвол
оғирлашиб кетаяпти. Қанча-қанча ишлар бор. Кимнингдир уйига
уғри тушаяпти. Кимнидир ўлдиришди. Булар эса нима билан машғул?
Давлат аҳамиятидаги масала эмиш...
Яна телефон жиринглади.
- Эшитаман, Пўлат Мажидович! Хўп...хўп...
Кечирасиз... Хўп... хўп...
Генерал телефон дастагини шарақлатиб
қўйди-ю, бирдан тутоқиб кетди.
- Кўрдингми, сен бадбахт учун шундай улуғ
одамни "онангни" деб сўкибдилар. Орага тушган одам тил тортмай
ўлади-я...
"Онангни" деб ким сўкишини Миртемир яхши
билади. Бу генерал учун янгилик. Аммо пойтахтдаги ҳамма
раҳбарларнинг кунлик эшитадиган "рахмати" бу. Эсида... Уни
ойнаи жаҳонга раҳбар этиб тайинлашди.
- Оқ йўл!- деди "Катта".
- Раҳмат, лекин икки шартим бор,- деди
Миртемир.
- Шарт билан туғилгансиз-да, қани нима
экан?
- Аввало, бошқа раҳбарларга ўхшаб мени
ҳам "онангни", деб сўкмайсиз. Ўша куни телевизордан жавоб
қиламан... кейин отиб ташласангиз ҳам. Сўнг... Эртадан бошлаб мени
ёмонлаб келишади. Дарров хулоса чиқармасдан, юзма-юз қўйиб, кейин
чора кўрасиз...
- Мен (...) эмасман, билдингизми? Кимни сўкишни
биламан, ука. Сизга битта мисол айтиб берай: Госснаб бошлиғини биласиз.
Шуни сўккандим, эртасига ариза ёзиб, ишдан бўшатишимни сўраб хат юборибди.
Касал бўлиб қолибди. Ўғил бола экан, қўнғироқ
қилиб кечирим сўрадим...
Генерал ҳамон савол ёғдирарди.
Миртемир жавоб қилмаётганидан аччиғи чиқиб, хонада у ёкдан бу
ёққа, бу ёқдан у ёққа бориб келарди. Бўйи паст,
қорни катта одам қайси бир ҳайвонча ўхшаб пилдираб юрганга
ўхшаркан, тез юрганда. Миртемирнинг кулгиси қистади. Лекин куладиган пайт
эмас. Масала жиддий. Президент фикридан қайтмабди. Бу фикр унда икки йил
аввал пайдо бўлганди.
Олий кенгаш мажлисидан кейин устози
"Аҳмаджон акани чақириб, "Бу болангни қамоқда
чиритаман, ўлдириб юбортираман" деган экан. Кейин ҳам яна айтган.
Ўзига ҳам бир марта айтди. Икки-уч топшириқ берди-ю, айтган
одамлари уддаламади. Наҳотки, энди унинг нияти амалга ошса?! Нахотки бу
генерал шунга боради? Қўрқаяпти, қўрқади ҳам. Бир
кишини ўлдириб юбориш осондир балки, унга. Лекин бугунги шов-шувлардан кейин
қийин. Ҳамма тушунади. Билдирмасдан қилишганда бу ишни, балки
бўларди? У ҳам қийин. ўтган йили касалхонада уринишди. Яқинда
пойтахтда номерсиз машина билан "туртиб" кетмоқчи бўлишди.
Қирқ йил қирон келса ҳам ажали етган ўлади, дейдилар.
Худо кўриб турибди ҳаммасини.
Ўлим...ўлим нима ўзи? У қачон келади?
Қандай келади? Ўлимдан қўрқиш керакми? Ўлимни севиш керакми?
Бу дунё азоб деймиз? Лекин яшашни яхши кўрамиз. У дунў
ҳақиқий ҳаёт деймиз. Аммо ўлимдан қўрқамиз.
Нега?
Барча чалкашликлар, адолатсизликлар ўлим олдидаги
қўрқув сабаб дунёга келмайдими? Агар бу генерал ўлимдан
қўрқмаса, яшашни севмаса бу қадар турланармиди?!
Ўлим киши билан ёнма-ён юради. Фақат уни
кўрмаймиз. Ёнимизда эканлигини ҳис қилмаймиз. Уни эслашдан
қўрқамиз, ҳатто. Хаёлан, руҳан ўлимнинг ичига кира
оламизми? Кира олсак, унинг "уйи"дан ўта олсаккина эркин яшай оламиз.